ИККИЮЗЛАМАЧИЛАР

 

Бир-бирига душман икки тараф ўртасида тараддудланиб, бунисининг ёнида бунга ёқадиган сўзлар билан, унисининг ёнида унга ёқадиган сўзлар билан иккиюзламачилик қилиш айни нифоқдир. Аммор ибн Ёсир айтади: “Расули акрам дедилар: “Ким бу дунёда иккиюзламачи бўлса, Қиёмат кунида унинг ўтдан икки тили бўлади” (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра деди: “Иккиюзламачи Аллоҳнинг ҳузурида омонлик топмайди”.

Расуллуллоҳ (с а в) шундай дедилар: “Аллоҳнинг махлуқларидан Қиёмат кунида ғазабга энг лойиғи: ёлғончилар, такаббурлар, ичларида биродарларига нисбатан нафратни зиёда қилган ҳолларида уларга йўлиққанда ялтоқлик қиладиганлар…”.

“Киши қандай иккиюзламачи бўлиб қолади, бунинг бир чегараси борми?” – дея сўрасанг, айтаман: кимки хусуматлашаётган икки кишининг ўртасига тушиб, уларнинг ҳар бирига чиройли муомала қилса ва муомалада тўғри бўлса, демак у мунофиқ ҳам, иккиюзламачи ҳам эмас. Чунки, бир киши ўзаро душман бўлган икки кишига дўстона муносабатда бўлиши мумкин. Аммо бу – заиф дўстликдир.

Бунинг гапини унга, унинг гапини бунга ташиган киши эса ҳақиқий тилёғламадир. Тилёғламалик – чақимчиликдан ёмон. Чунки чақимчи фақат бир томоннинг гапини ташийди. Тилёғламачи эса икки томондан ҳам гап ташийверади.

Икки киши орасида гап ташимаса ҳам, лекин уларнинг бир-бирига бўлган адоватини маъқулласа, ана у ҳам тилёғламаликдир. Шунингдек, бир-бирига душман бўлган икки кишининг унисига ҳам, бунисига ҳам ёрдам беришни ваъда қилиш, бирини бирига ёмонлаш ҳам тилёғламаликка киради.

Хўжайиннинг, амалдорнинг олдига мансаб, бойлик илинжида кириб, уни мақтаган киши – мунофиқдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу сўзлари шу маънода айтилган: “Сув ўт-ўланларни ўстиргани каби мол-дунёни ва мансабни яхши кўриш қалбда мунофиқликни ўстиради” (Дайламий ривояти).

Агар бир зарурат туфайли хўжайин ёки амалдорнинг олдига кириб, гарчи уни мақтамаса ҳам, ундан ҳайиқиб турса, бу узрли ҳолатдир. Чунки ёмонликдан қўрқиш жоиздир. Абу Дардо (р а) айтади: “Биз фосиқ одамларга тишимизни кўрсатамиз-у (табассум қиламиз-у), қалбимизда уларни лаънатлаймиз”.

Ойша (р а) айтади: “Бир киши Расули акрам ҳузурларига киришга ижозат сўради.

— Унга изн беринглар, кирсин. Қавмининг қандаям ёмон кишиси бу! – дедилар. Киргач, унга мулойимлик билан гапирдилар. У киши чиқиб кетганидан сўнг дедим:

— Ё Расулуллоҳ, аввал уни қораладингиз, сўнгра нима учун мулойим гапирдингиз?

— Эй Ойша! Одамларнинг ёмони – ёмонлигидан сақланиш учун ҳурмат қилинадиганидир” (муттафақун алайҳ).

Юқоридаги хабарлардан англашиладики, ёмоннинг ёмонлигидан сақланиш учун зўрма-зўраки жилмайиш ва шу даражадаги мулойимликларни қилиш мумкин. Аммо, ёмонни мақташ, уни тасдиқлаш, ботил гапларига бош қимирлатиш – очиқ ёлғон бўлиб, мажбурий ҳолатдан бошқа пайтда, бу зинҳор мумкин эмас. Ким шундай қилса, у мунофиқдир. Киши ёмоннинг ёмонлигини инкор қилмоғи, агар бунга қодир бўлмаса, сукут сақлаб, қалбида уни ёмон кўрмоғи лозим.

Абу Ҳомид ҒАЗЗОЛИЙнинг «Тил офатлари» асаридан олинди

2018 йил 7 май сони

0