ИЖОД ҲАМ БИЗНЕСМИ?

«Чинакам ижодкор бўлиш учун одамда истеъдод, билим, меҳнат, ҳаёт тажрибаси, изланиш ва, албатта… виждон бўлиши керак», деб ёзган эдилар раҳматли адибимиз Ўткир Ҳошимов «Дафтар ҳошиясидаги битиклар»да. Бугун айрим ижодкорларимизнинг “виждон танқислиги синдроми”га чалиниб қолаётгани оқибатида ижод ҳам бизнесга айланиб кетаётгандай. Тўғри, ижодкорнинг ҳам ҳар бир оддий одам каби маънавий ва моддий манфаатга эҳтиёжи бор. Аммо бу эҳтиёж иккинчи даражада туриши керак. Моддият биринчиликка чиқдими, виждон бундай ижодхонани тарк этади.

«Қалам ҳақи бегона бўлмасин»…

Эндигина иш кунини бошлаганимда қўнғироқ бўлди. Эски танишимнинг овозини эшитиб қувониб кетдим. У ёқ-бу ёқдан гаплашгандек бўлдик.

— Сизга бир илтимос бор эди, – деди у мақсадга ўтиб. – Битта мақолани бошлаб берсангиз. Биз энди… ёзишга йўқроқмиз, биласиз-ку…

Ҳайрон бўлдим. “Ёзишга йўқроқ”лигини биламан, ижод соҳасидан буткул йироқ соҳада ишлашини ҳам биламан. Унга мақола ёзишнинг нима зарурати бор экан?

— Гапингизга тушунмадим-ов, — дедим. – Сизга мақола ёзиш нимага керак бўлиб қолди? Техника соҳасида ишласангиз…

— Ҳа энди, битта мақола ёзишим керак эди-да. Шунга ёрдам берворинг…

Жим бўлиб қолганимни ўзича тушуниб, гапнинг дангалига кўчди:

— Бир қадрдонимиз газета очувди. Қалам ҳақи яхшигина экан, «Пул бегона бўлмасин, сен ҳам ёз», деганди. Ҳеч бошлаёлмаяпман. Бошлаб берсангиз бўлди, уёғини ўзим опқочаман…

Пешонамдан муздек тер чиқиб кетди. Наҳотки, матбуотнинг куни шундайларга қолди?! Ўзимни аранг босиб сўрадим:

— Нима ҳақида ёзмоқчисиз?

У мавзуни эмас, тайёр сарлавҳани айтди. Демак, «ишбилармон» матбаачи ёзилажак мавзуни «дўпписи» билан узатибди, энди битта ишлайдиган бош керак… Наҳот қўйнимдан тушгани — қўнжимга деб, ижодни ҳам бизнесга айлантириб юборишса?

Хуллас, унинг кўнгли учун, қўл учида бир абзац кириш сўзи ёзиб, электрон манзилига юбордим. Барибир, уёғини «опқочолмайди», деб ўйладим. Қаёқда! Бир неча кундан кейин қўнғироқ орқали суюнчилади – келгуси соннинг қачон чиқишини айтиб, «Мақоламни ўқинг, каттагина қилиб беришади», деди ифтихор билан. Қаранг-а, чоп этилиши ҳам кафолатланибди…

Бу танишимнинг кейинги таклифи эса бундан-да ўтиб тушди. Агар навбатдаги мақолани тўлиғича ёзиб берсам, ҳақини тўлар экан… Назаримда, қалам ҳақини баҳам кўрса керак. Мендан рад жавобини олгач, бошқа бир ижодкорнинг телефон рақамини суриштирганидан билдимки, унга бу тахлит «ёзувчилик» ёқиб қолган.

Таажжуб! Ахир бировнинг ўрнига эгатини чопиб қўйиш, деворини бўяб қўйиш, боринг ана, ҳисобот тайёрлаш мумкиндир. Лекин ижод қилиш… ақлга сиғмайди! Ахир ижод – бетакрорлик — юзта ижодкор битта мавзуни бир пайтда ёзса ҳам, мутлақо бир-бирини такрорламайди. Худди бармоқ излари каби бетакрор, ўзига хос иншолар яралади. Чунки ҳар бир матн алоҳида қалб изҳори, ўз эгасининг кўнгил лаҳжасидир. Хўп, бир марта ёзиб берасан, икки марта, кейин-чи? Бир умр шундай давом этиши мумкин эмас-ку! Ижод майдонида «мардикорлик»ни бошлаб юборган «бизнесмен»лар шуни тушунмайдиларми?

Дарахтни силкитсанг… «шоир» ёғилади!

Бу ўхшатишдан назм аҳли ранжимасинлар. Ҳақиқий ижод билан шуғулланаётган ижодкорларга бу гапларнинг мутлақо алоқаси йўқ («шоир» сўзини қўштирноққа олганимиз шу сабаблидир). Ўзбек халқи азалдан қалам билан дунёни олишга қодир, ҳассос шоирлари билан донг таратиб келган.

Аслида, кимнидир шеър ёзаётгани учун айблаш нотўғри – юрагида ижод ишқи бор экан, ёзаверсин. Бир кўнгилнинг гўзалликка, нафосатга ошуфталигидан фақат қувониш керак. Лекин ҳамма ҳаваскор ҳам шоирликка даъво қилаверса, бўлмас экан. Шеърият дил озиғи, шеърни ном чиқариш, қайсидир нашрда чоп этилганда кўз-кўзлаш учун ёзиш мумкинми? Эшикдан ҳайдасанг тешикдан кириб келадиган ҳаваскорларнинг аксариятини айнан ана шу мақсад бошқаради.

Шеър кўп-у, шоир йўқ… «Шоир» кўп-у, шеър йўқ…

Обрўли, боз устига қадрдон одаминг икки варақни қўлингга тутқазиб, рад этишга ўрин қолдирмайдиган оҳангда дейди:

— Шу жияннинг шеърларини чиқарворинг, хурсанд бўлсин. «Лаб-лунжини» тўғрилаб дегандай…

«Шеър» дейилаётган сатрларнинг «лаб-лунжини» унча-мунча шоир тўғрилай олмайди. Амаллаб тўғриласангиз, энди эгаси танирмикан, деган истиҳолага борасиз. Лекин «муаллиф» учун бу муҳим эмас. Муҳими – унинг имзоси. Қарабсизки, келаси ой яна «янги ижод намуналари»ни кўтариб, остонангизда пайдо бўлади. Келгуси йили эса китоб чиқараман деб кўкрагига уради.

Хуллас, «Жўқивой» шоирларни рағбатлантираётган ҳам ўзимиз. Энг ёмони, таниш-билишчилик, моддий манфаатлар асосида яралган «ижод» яна ўша ўзандан йўрғалайверади. «Жўқивой»ларнинг «асар»ларини босиб чиқаришга кўнадиган ноширлар ҳам дарров топила қолади. Баъзи нашриётларнинг элаги салкам ғалвирга айланиб кетган…

«Қисса-писса ёзяпсизми?..»

Йўлда учрашиб қолган бир танишим ҳол-аҳвол сўраш асносида томдан тараша тушгандай сўраб қолди:

— Қисса-писса ҳам ёзяпсизми?

— Йўқ, — дейман энсам қотганини яширмай, — унақа катта асарлар ёзишга тажрибам етишмайди.

— Ёзиш керак. Менинг иккинчи қиссам ҳам деярли тайёр, – дейди у мақтаниш оҳангида.

Тўғриси, мен уни газетанинг техник ходими сифатида билар эдим. Эшитмай қолибман, яқинда мухбирликка ўтган экан. «Майдалашиб » ўтирмай, биратўла қиссага қўл урибди… Майли, уялмаса, билганини қилсин. Лекин бундай “ишбилармон ёзувчи”лар «асар»ларининг сиёҳи қуримай китоб бўлиб чиқаётгани ва ҳозирги давр адабиёти сифатида ўқувчиларга тақдим этилаётгани ташвишлантиради кишини.

Бугун кимдир пул, кимдир шуҳрат илинжида қўлига қалам олишдан уялмаётган экан, сизу биз адабиётимизнинг, ижоднинг поклиги учун курашмоғимиз зарур! Курашаман деб кимнингдир қўлидан қаламини тортиб олишимиз шарт эмас. Муҳаррирлар, ноширлар, «устидан кўриб бериш» усталари ниҳоят ўз масъулиятларини англашса, адабиётни, ижодни беҳурмат қилаётганларга кўмак беришга ҳақлари йўқ эканини тушуниб етишса, бас эди.

Кимгадир ёмон кўринсак ҳам, фикримизни айтдик. Сизларнинг бу масалада фикрингиз қандай?

Гулчеҳра АСРОНОВА

2018 йил 19 март сонидан олинди

0