ДОНОЛАРНИ АҲМОҚ ҚИЛГАН ИСТАКЛАР ёхуд «лол қолдириш» васвасаси

Шуҳратпарастлик инсоний ҳавасларнинг энг бемаъни ва номаъқули эканлиги, машҳурлик ва «эл оғзида достон бўлиш» — салгина шамолда тарқаб кетадиган тумандан бошқа нарса эмаслиги ҳақида қадимдан бери ҳикматлар-у ривоятлар, асарлар орқали гапириб келинади.

Тарихда обрў-эътибор ва шон-шуҳратнинг пойдевори ҳисобланмиш мол-мулкдан, катта лавозимлардан воз кечиб, фақирона кун кечирган файласуф ва уламолар оз эмас. Антисфен, Кратет, Диоген, буюк Суқрот каби деярли таркидунё қилиб, камтарона яшаган файласуфларнинг номларини (орадан салкам йигирма беш аср ўтганлигига қарамасдан) кўпчилик билади. Ваҳоланки, улардан на мол-мулк, на бирор иморат ва на забт қилинган қалъа ёки мамлакатлар қолган эмас. Айримларининг ҳатто уйлари ҳам бўлмаган. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд бошқа улуғларимиз сингари уйларида мол-дунё ва бойлик сақламаганлар. У зот қишда қамишлар устида, ёзда бўйра устида яшаганлар.

Қизиқ, ҳеч кимнинг олдига таъзим қилиб бормаган ва биров таъзим қилиб келишини кутмаган, феълида шуҳратпарастликдан асар ҳам бўлмаган зотларнинг шон-шуҳрати асрлар оша бутун дунёга тарқалган. Уларнинг кўпчилик замондошлари эса ё мол-дунё, ёки тожу тахт қули бўлиб, охири йўқ пойганинг иштирокчилари сифатида дунёдан ўтганлар. Айрим уддабуронлар орасида шуҳратпарастликни қоралаб ёки масхара қилиб ёзган асарлари билан ўз номини абадийлаштиришга тиришганлари ҳам бўлган. Тан бериш керак, инсон ақлининг найрангларига тенг келадигани йўқ. У ўзининг қонидаги эҳтиросларни қондириш учун минг хил йўл топа олади.

Инсоннинг энг тубан хусусиятларидан бири бўлган ва айни замонда унинг хом сут эмган банда эканлигидан далолат берадиган шуҳратпарастлик иллати қанчалик қораланмасин, у охирги икки минг йил давомида одамлар қалбида эгаллаб келган ўрнидан тушиш у ёқда турсин, қайтага тобора мустаҳкам ўрнашиб олди.

Рим императори Гай Юлий Цезар эрамиздан олдинги даврларда ўз номини абадийлаштириш учун йилнинг еттинчи ойини «Юлий» (кейинчалик июл дейила бошланган) деб номлаганидан кейин унинг жияни Октавиан Август ҳам императорлик ўрнини эгаллагач, саккизинчи ойни ўз номи билан атаб қўя қолган. Цезардан ҳеч бир жиҳатда кам бўлмаслик учун эса феврал ойидан яна бир кунни камайтириб, август ойига қўшиб ҳам қўйган. Шу билан йилнинг кетма-кет келадиган икки ойи ҳам 31 кундан иборат бўлиб қолган. Бироқ Цезар ҳам Октавиан ҳам шуҳратпарастликда ўзларидан анча кейин ҳукмронлик қилган император Нероннинг тўпиғига ҳам чиқолмаганлар. Нерон ўта қонхўр, очкўз, иккиюзламачи, маишатга берилган, ўзига бино қўйган императорлардан бири бўлиб, мамлакатда ўзига уч юздан ортиқ ҳайкаллар қўйдирган. Асли тепакал, оёқлари ингичка, қорни кажавадай келадиган Нероннинг ҳайкаллари Геракл ва Аполлонга ўхшаган забардаст қилиб ясалган. У шаҳар аҳолисини бир жойга тўплаб, ўзи ёзган бемаъни шеърларини ўқиб берганида гулдурос қарсаклар ва олқишларга қўшилмаганларни жазолашга буюрган. Француз ёзувчиси Виктор Гюго оз эмас, кўп эмас, нақ Париж шаҳрини унинг номи билан аталишига даъвогарлик ҳам қилган эди.

Бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг ўз уйи тўрига ўзининг каттакон портретини осиб қўйишига ёки умри давомида қилган «меҳнатлари» тўғрисида китоб ёзиб, юртга тарқатишига ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Бошқача айтганда, бугун ўз иззат нафсини қондириш учун одамзот оламшумул иш қилиши шарт эмас. Руслар айтганидай, «ҳар ким ўзича ақлдан озишга ҳақли».

Милоддан аввалги 356-йилда Кичик Осиёдаги Эфес шаҳрининг фуқароси Герострат ўз номини тарихда абадий қолдириш учун дунёнинг етти мўъжизасидан бири ҳисобланган Артемида ибодатхонасига ўт қўйишдан бошқа йўл тополмаган бўлса, бугунги кунда «қаҳрамонлик» кўрсатмоқчи бўлган одам бир ўтиришда 65 дона хом тухумни ютиб ёки 42 соат давомида тинимсиз рақсга тушиб, Гиннеснинг рекордлар китоби орқали ўз номини абадийлаштириш имконига эга. Оммавий ахборот воситаларининг имкониятларини инобатга олганда эса, бизнинг замонамизда машҳур бўлиб кетишдан осон иш йўқ. Бир вақтлари Россия телевидениеси орқали мазмундор программаларни олиб борган, олим ва сиёсий шарҳловчи Владимир Позднернинг гапи билан айтганда: «Агар бир ой давомида телевизорда отнинг сағрисини ҳар куни бир дақиқа кўрсатиб туришса, одамлар уни кўчада кўрганларида салом берадиган бўлишади». Тўғри, зангори экранда онда-сонда кўриниб туриш ёки матбуотда чиқиш учун маълум даражада меҳнат қилиш лозим. Бунинг ҳам уддасидан чиқолмайдиганлар учун эса оммавий ахборот воситалари орқали ўзи билан бир хонадонда яшаб турган отасини, онасини, акасини, укасини, аммасини туғилган куни билан табриклаш ва уларни ҳам «элга танитиб қўйиш» имконияти мавжуд.

Шуҳратпарастлик илдизлари қон-қонимизга шу қадар сингиб кетганки, бу иллатга чалинмаган одамни топиш жуда қийин.

(Гап келди: одамлар уч тоифа бўладилар: димоғдорлар, мағрурлар ва бошқалар. Лекин шахсан мен «бошқалар» тоифасига кирадиган одамларни шу вақтгача учратмаганман).

«МАЙМУН ҚАНЧАЛИК ЮҚОРИЛАСА…»

Инсон энг катта бойликка ҳатто дунёдаги барча неъматларга эга бўлса-ю, лекин бошқаларнинг ҳурматига сазовор бўла олмаса, ўзидан қаноатлана олмайди. У ақл-заковатни ҳамма нарсадан устун қўяди ва агарда бошқалар унинг ақллилигини тан олишмаса, энг катта мансаб ҳам уни қувонтиролмайди. Одамларни лол қолдириш эса осон иш эмас.

Бажарилган ҳар қандай хайрли иш қийинчилик ва машаққатлар орқали келмаса, ноёблиги билан ажралиб турмаса, унинг довруғи маҳалладан нарига чиқмайди. «Қилган ишингнинг баҳоси шу ишга сарфлаган меҳнатингнинг нархидан бир тийин ҳам юқори баҳоланмайди», деган фикр сохта обрў-эътибор кетидан қувадиганларнинг хаёлига ҳам келмайди.

Одамлар ҳаётига холисона назар ташласак, шуҳратпарастлик каби янглишувнинг ҳам жамият олдидаги хизматлари оз эмаслигини тан олишимизга тўғри келади. Айнан шу туйғу одамларнинг ўз бурчига содиқ қолишига туртки беради, халқда жасорат уйғотади, ҳақиқий буюк ишлар инсоният хотирасидан жой олиб, разиллик тимсоллари қораланишига замин яратиб беради. Олдинги авлодларнинг шон-шуҳрати, буюк ишлари ёшларнинг ҳам ўз истеъдодларини намоён этишга, муносиб фаолият билан шуғулланишга, яқинларига, эл-юртига фойда келтиришга, баркамол инсон бўлиб улғайишга ундайди, меҳнат ва ижодда илҳом бағишлайди. Фақат афсуски, ҳамма гап бу туйғу киши қалбини эгаллаб олиб, унинг феъл-атворини, турмуш тарзини белгилашига йўл қўймаслигида! Ўта камтаринлик манманликнинг бир тури бўлгани каби меъёридан ошган шуҳратпарастлик ҳам инсоний фазилатларни йўққа чиқаради.

***

«Ўзини ҳурмат қилмаган одам – бахтсиз, ўзидан ҳаддан ташқари мамнун бўлган одам эса аҳмоқдир».

Ги де Мопассан, француз ёзувчиси.

***

Киши ўз фаолиятининг маълум натижасини эмас, балки қандай бўлмасин шу фаолият орқали «фалончи» деб ном чиқаришни ўзига мақсад қилиб белгилайдиган бўлса, охир-оқибатда унга ҳавас қиладиганлар топилиши даргумон.

***

«Кишилардаги сифатлар унчалик кулгили эмас, кулгилиси – улар даъво қиладиган сифатларда».

Франсуа де Ларошфуко, француз ёзувчиси.

***

Европаликларнинг таъбирича, «маймун қанчалик тепага кўтарилгани сайин пастдагиларга унинг номақбул жойлари шунчалик яққол кўринади».

Одамлар ҳурматига ва олқишига сазовор бўлиш осон иш эмас, бунга шахсий фазилати, истеъдоди ёки касб-кори орқали эмас, ҳашамату дабдабалар орқали эришишни исташ — қум устида уй қуриб, унда яшашни исташ билан баробардир.

***

«Ҳар бир одамда қанча шуҳратпарастлик бўлса, унга шунча ақл етишмайди».

Александр Поп, инглиз шоири.

***

Кўр бўлиб туғилган одамга нур ёки ранглар қандайлигини тушунтириб бўлмаганидек, шуҳратпарастларга ҳам ўз умри, куч-ғайрати ва асабларини беҳуда нарсаларга сарфлаётганликларини англатиш қийин. Сароб кетидан қувадиганларнинг, йўқ ердан хазина ахтарадиганларнинг ва бошқалардан «кам бўлмаслик» учун кафангадо бўлишга ҳам тайёр бўладиганларнинг йўли ҳам, манзили ҳам бир хил.

АҚЛИ КУЧСИЗ «АЗАМАТЛАР»

Эскилардан қолган бир ривоятда айтилишича, эл-юртни лол қолдириш учун бир киши бор-йўғини сарфлаб катта тўй қилибди ва тўйга келган ҳар бир меҳмонга биттадан қўй бериб юборибди. Тўй тамом бўлганидан кейин одамларнинг таассуротларини пинҳона эшитиш учун кўприк тагига яшириниб, қайтиб келаётганларнинг гап-сўзига қулоқ солибди. Шунда меҳмонлардан бирининг қўйи қочиб кетган эканми, қўй кетидан югуриб, бақириб-чақириб тўй эгасини сўкармиш:

-Қўй беришга берибсан, арқонини ҳам қўшиб берсанг ўласанми, лаънати!..

Бунга ўхшаш ривоятлар оз эмас, лекин ривоят ўз йўлига, бошқалардан «кам бўлишни истамайдиган» азаматлар ҳам ўз йўлига. Яхшилаб ўйлаб кўрсангиз, «эл қатори» тўй қилиб, анча вақтгача қаддини ростлаб ололмай юрган бундай «азаматлар»нинг камида уч-тўрттасини биласиз.

Бизлар ҳаммамиз доно маслаҳатни завқ билан эшитамиз, лекин ҳеч қачон шу маслаҳат бизга ҳам тааллуқли деб ҳисобламаймиз, чунки ақлимиз ўзимизга етарли деб ҳисолаймиз. Тақдир ўзига ниманидир камроқ берганидан ҳамма нолийди, лекин шу вақтгача ҳеч ким ўзига ақл камроқ берилганидан нолиган эмас…

Тўйга келсак, шахсан бизнинг шароитимизда камтарона тўй қилишга тўғри келмай қолган, чунки:

-Яккаю-ёлғиз ўғил (қиз) бўлса…

-Биринчи (охирги) тўй бўлса…

-Элдан кам қилмай акасини уйлантирдик (опасини узатдик), энди бунисиям хафа бўлмасин…

-Мен (дадам, акам, укам, тоғам, амаким, ўғлим) кимсан фалончи бўлса…

-Хотиним қудалар олдида (онаси олдида, опаси олдида, синглиси олдида, овсини олдида, анави ярамас қўшниси олдида, аммасининг бузоғи олдида) қандай бош кўтариб юради, дўст-душман нима дейди…

Шунинг учун:

-ЗАГСга борадиган машина ўн бештадан кам бўлмаслиги шарт…

-Келиннинг тўртта узугидан иккитаси албатта бриллиант кўзли бўлиши керак…

-Меҳмонлар беш юз кишидан кам бўлмаслиги керак…

-Хонанда Аҳмад бизга тўғри келмайди, қандай бўлмасин Тошматни олиб келиш керак…

-Ишқилиб, душманлар куйиб ўлсин!

Қарабсизки, «тўй тўйдай бўлиб ўтади» ва кейинги тўйгача «маҳаллада дув-дув гап» бўлади. Ҳаммасидан қизиғи шундаки, сиз тўйингизга таклиф қилган ҳар бир меҳмон кимлигингизни, қандай одам эканлигингизни жуда яхши билади ва аллақачон сизга ўзича баҳо бериб қўйган ва бу табиий. Шундай экан, тўйингизда қатнашганидан кейин одамларнинг сиз тўғрингиздаги фикри ўзгаришини, сизга нисбатан ҳурмати ошишини кутиш ғалати эмасми? Тўйингиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча аъзолари иштирокида ўтиб, халқаро телеканаллар орқали намойиш қилинган тақдирда ҳам ёки бир хонада ўн киши иштирокида ўтганида ҳам, сизни таниган-билган одамларнинг сиз тўғрингиздаги фикри тирноқча ўзгармайди. Тўғри, сиз тўй қилишни маҳбуслар озодликни кутгандай орзиқиб кутган бўлишингиз мумкин, албатта. Лекин бошқалар ҳам сизнинг тўйингизга шунчалик аҳамият билан қарашини ва қизғин муҳокама қилиб, сизни олқишлаб юришларини исташингиз қоғоздан ясалган гулларнинг ҳидига биров маҳлиё бўлишини кутиш билан тенг.

Одатда, ҳар бир одамни бошқаларнинг чексиз қувончи ва қаттиқ қайғусидан кўра, ўзининг кундалик ташвишлари кўпроқ қизиқтиради. Шунинг учун, бошқалар ҳақида кўпинча йўл-йўлакай, ўйлаб ўтирмай, фақат гап келгандагина гапирилади. Алқисса, одамларнинг биз тўғримиздаги гап-сўзларида биз учун ҳеч қандай янгилик бўлмайди. Ўз муваффақиятларингизни оломоннинг танқиди ёки мақтовлари билан ўлчашлик сизга ортиқча хавотир ва безовталикдан бошқа нарса бермайди.

***

«Биз тўғримизда гапираётган йигирмата одамдан ўн тўққизтаси ёмонлаб гапиради. Йигирманчиси яхши гап гапиради, лекин ўшани ҳам яхшилаб айта олмайди».

Антуан де Ревароль, француз ёзувчиси.

***

Одам ҳеч нарсада ўзига етарлиси билан қониқолмайди. Кўзларимиз ошқозонимиз ҳазм қилиши мумкин бўлганидан кўра кўпроқ нарсага таъмагир бўлади, кўнглимиз эса тубсиз қудуққа ўхшаб, ҳеч нарсага тўймайди.

Ҳақиқий шон-шуҳрат, обрў-эътибор, иззат-ҳурмат ва яхши ном эса азалдан то бизнинг замонимизгача кўзини тўқ тутиб, ўз нафси ва кўнгли хизматида бўлмаган, бошқаларга қўлидан ёки тилидан нафи тегадиганлар ортидан эргашиб юрибди…

Шавкат РАЗЗОҚОВ

2017 йил 20 март сонидан олинди

0