ДИПЛОМ «ДЎКОНЛАРИ», СОХТА АКАДЕМИКЛАР ВА АРЗОН ШОН-ШУҲРАТ

Кейинги вақтларда шоирлар, ёзувчилар, сухандонлар, шарҳловчилар, журналистлар, табиблар ва ҳатто олимлар орасида ўзини Бирлашган Миллатлар ташкилоти, ЮНЕСКО қошидаги Антик Дунё илмий Академиясининг академиги, доктори, профессори деб таништирадиганлар кўпайиб кетди. Кимларнингдир бунақа академиянинг доктори, профессори, академиги эканлиги ҳеч куракда турадиган гап эмас. Хўш, нега?

Мен бу масалани бир неча йил аввал ўрганган эдим. Сухандонлару журналистлар, зоологлару табиблар ва пойтахтдаги, вилоятдаги олий ўқув юртлари фан докторлари, туману вилоят матбуотидаги ҳеч ким танимайдиган, номи чиқмаган мухбирлар ўзларини Антик Дунё илмий Академиясининг академиги деб таништира бошлаган пайтдаёқ бу одамларнинг Антик давр тарихига нима алоқаси бор, деб ўйлаб, бу академия фаолияти билан қизиққан эдим. Ўрганиб кўриб амин бўлдимки, бу академия рус матбуотида ёзилганидек «липовая академия» экан. Ўша пайтдаёқ айни сохта академия ҳақидаги маълумотларни эълон қилмаганимга ачиниб ўтирибман. Чунки у вақтларда сохта академияга ёллаш ишлари ўртамиёна савиядаги одамлар ўртасида олиб борилган бўлса, бугунга келиб дуппа-дуруст олимлар, шоирлар ҳам бу сохта академия номига учиб, унинг дипломларини сотиб олишни бошлашди. Ҳатто матбуотимиз ҳам гап тагини суриштирмай, ҳар сафар сохта диплом олишларни ўзбек маданияти, илму фанининг жаҳон миқёсида эътироф этилиши сифатида ёритиб бормоқда. Гапимга ишонмасангиз, googlенинг қидирув хизматига «Антик Дунё илмий Академияси» ёки «Антик Дунё илмий Академияси академиги» деган ёзувни киритиб, тугмасини босиб кўринг. Ана шунда, гапимнинг тўғрилигига ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Аслида «Антик Дунё илмий Академияси» деган ташкилот сохта, ясама академия бўлиб, у ҳеч қачон БМТ ёки ЮНЕСКО қошида мавжуд бўлмаган. Бу «академия» бир неча фирибгар кимсалар томонидан ташкил этилган бўлиб, у «таъсисчи»лар бир тийинлик қиммати йўқ ва ҳеч қаерда тан олинмайдиган, бамисоли автобусда пул тўлаб сотиб олинадиган чиптага ўхшаган бир парча қоғоз – «академия дипломи»ни яхшигина пулга пуллаш билан шуғулланадилар. Энг ачинарлиси, бу сохта академиянинг энг кўп аъзоси, яъни академиги Ўзбекистонда! Бу кетишда уларнинг сони яқин орада Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий академиклари сонидан ҳам ошиб кетса керагов…

Бундан ташқари, орамизда Россиядаги «Российская академия естественных наук»(РАЕН), «Международная академия информатизации» сингари сохта академиялар аъзолиги билан мақтаниб юрганлар сони ҳам озмунча эмас. Бу сохта ва академия мақомига мутлақо алоқаси йўқ ташкилотларнинг номлари жуда баландпарвоз ва жарангдорлиги билан ажралиб туради. Келинг, Россиядаги «Международная академия информатизации» деган ташкилотнинг қандай пайдо бўлганига бир назар ташлайлик. Бир пайтлар, аниқроғи, советлар замонида ҳар бир катта шаҳарда «горсправка» хизмати бўлган. Тошкентда «Ташгорсправка», Киевда «Киевгорсправка» ва ҳоказо. Москвада эса «Мосгорсправка» хизмати бўлган. 1990 йилги тўс-тўполон даврида унинг раҳбари И. И. Юзвишин деган одам бу хизматни дастлаб «Академия информатизации СССР» номи билан кичик корхона сифатида рўйхатдан ўтказади, ярим йил ўтар-ўтмас, бу кичик корхона «Международная академия информатизации» номи билан қайта рўйхатдан ўтади. Советлар давридабу корхонанинг вазифаси шаҳардаги ташкилотлар, унда яшовчи фуқаролар ҳақида маълумотнома беришдан иборат бўлган. Кейин бу корхона сохта академияга айлантирилиб, сохта академиклар тайёрлашга киришади. Юртдошларимиз орасида бу ясама илмий ташкилотнинг аъзолари ҳам оз эмас ва уларнинг аксарияти нима ёзмасин, исм-шарифига «академик» сўзини қўшиб ёзиб, лўттибозлик қиладилар.

Худди шундай сохта академиялардан яна бири «Нью-Йорк академияси»дир. Унинг ҳам аъзолари Ўзбекистонда анчагина. Ўзбек матбуотида тантавор оҳангда «Фалончи Фалончиев Нью-Йорк академияси академиги этиб сайланди» деган ахбаротларни кўплаб учратиш мумкин. Бу академия ҳақида интернетда шундай маълумот берилади:

«Стать членом академии может любой желающий при условии оплаты членского взноса. Согласно информации на официальном сайте организации, сумма вступительного взноса для индивидуальных членов за один год составляет $108 для жителей США, и $129 для остальных; два года — $196 и $232, три года — $273 и $324 соответственно (для студентов и аспирантов взносы существенно ниже). Данная академия приобрела известность в качестве одной из академий, фактически торгующих дипломами».

Яна «Антик Дунё илмий Академияси»га қайтсак. Қанча уринманг, бундай академия ҳақидаги бирон бир тайинли маълумотни ҳеч бир манбадан тополмайсиз. Агар у ростдан ҳам БМТ ёки ЮНЕСКО қошида ташкил этилган бўлганида, унинг номи ўша халқаро ташкилотлар таркибидаги ёки қошидаги ташкилотлар рўйхатида бўларди ва уни интернетдан дарров топа олардингиз.

Украиналик ҳақиқий академик Борис Житнигорнинг ёзишича, бундай ясама халқаро академиялар ўз фаолиятларини асосан постсовет ҳудудида олиб боришни маъқул кўришар экан. Чунки, халқаро фирибгарлар ҳар қанча пул тўлаб бўлсаям сохта академик ва профессор ёки доктору лауреат бўлишга, каттакон муҳри бор қоғозларни айтилган нархда сотиб олишга тайёр одамлар бу ҳудудда кўп эканини олдиндан ўрганиб, билиб олишган. Борис Житнигор шундай ёзади:

«Докторские и прочие «титульные» научные проекты «завозимые» к нам, часто, к сожалению, изначально ориентированы на наживу, основывающуюся на тяготении «нашего человека» к приобретению всякого рода регалий без реальных заслуг и усилий. То есть, такие проекты, чаще всего, организуются «нашими учредителями», но инициируются из-за рубежа и реализуются только на постсоветском пространстве, где есть платежеспособный спрос на «пустые» регалии; «магазины дипломов»-фабрики дипломов».

…Очиғи, мен сохта академикларнинг барчасини айблаш фикридан йироқман. Чунки бу содда одамларни кимлардир, аниқроғи, олдинроқ «академик» бўлганлар лақиллатганига аниқ ишонаман. Сиз ҳам ўшаларга ўхшаб лақиллаб, ишониб,кейин кулгуга қолманг, деган ниятда ушбу маълумотларни эътиборингизга тақдим этдим.

Хуршид ДАВРОН
2018 йил 20 январ сонидан олинди

0