ГАПДОНЛИК ИЛЛАТИ

Гапни чуқурлаштириш, жумлаларни қофиялаб, гап орасида байтлар келтириш ва бу билан сўзга чечанлигини кўрсатишга, гапни узундан-узоқ “муқаддима”лар билан чўзишга зўр бериш – тил офатларидандир.

Пайғамбар алайҳиссалом бундай ясамаликни, нафратни қўзғайдиган зўрма-зўракиликни қоралаб, айтганлар: “Менда энг кўп нафрат уйғотадиганларингиз ва мен билан ҳамсуҳбат бўлишдан энг узоқларингиз – вайсақи, эзма, сафсатабозларингиздир” (Имом Аҳмад ривояти).

Фотима (р а) айтади: “Расулуллоҳ дедилар: “Умматимнинг ёмони шундай кишиларки, тўкин-сочин озиқланадилар, хилма-хил таомлар ейдилар, алвон-алвон кийимлар киядилар ва тинимсиз вайсаб, гапдонлик қиладилар” (Ибн Абу Дунё ривояти).

Умар (р а) айтди: “Валдир-вулдир гапиравериш – шайтоннинг валдирашларидандир”, яъни, валдир-вулдир гапираётган сиз эмас, балки ичингиздаги шайтондир.

Умар ибн Саъд ибн Абу Ваққос отаси Саъдникига бир иш билан келди. Ҳожатини баён қилар экан, гапни чўзиб юборди. Шунда отаси унга: “Расулуллоҳ (с а в)нинг шундай деганларини эшитганман: “Ҳали шундай замонлар келадики, одамлар бамисоли сигир ўт-ўланларни ямлагани каби гап ямлайдилар” – деди (Имом Аҳмад ривояти). Бу билан Расули акрам сўзамолликдан, дарҳол мақсадга ўтмасдан, узундан-узоқ “муқаддима”лар билан гапни зўрма-зўраки чўзишдан қайтаряптилар. Демак, сўзга чечанликнинг ҳаддан ошгани ҳам тил офатларидан экан. Шунингдек, сўзлашувда жумлаларни қофиялаб гапиришда ҳам такаллуф – ясамалик бор.

Ҳар бир нарса муайян мақсад доирасида чегараланиши лозим. Гапдан мақсад – нима кўзланаётганини тушунтириш. Ундан уёғи сохтакорлик, ясамаликдан бошқа нарса эмас. Аммо, ваъз-насиҳатни чиройли сўзлар билан таъсирчан қилиш, ҳаддан ошмасдан ва мақсаддан узоқлашмасдан эслатмалар бериш такаллуфга кирмайди, чунки ваъз-насиҳатлардан кўзланадиган мақсад – қалбларни уйғотишдир.

Кундалик эҳтиёжлар доирасида кечадиган сўзлашувларда қофиялаб гапириш, сўзамоллик қилиб гапни чуқурлаштириш такаллуф ҳисобланади. Бунинг боиси – риё, гапга чечанлигини, маҳоратда бошқалардан фарқланиб туришини намоён қилишдир. Буларнинг барчаси шариат ёмон деб топган, маън қилган ишлардир.

Абу Ҳомид ҒАЗЗОЛИЙнинг «Тил офатлари» китобидан олинди

2018 йил 25 июн сони

0