БОСҚИНЧИДАН ҲАМ ЁМОНРОҚ УЛАМОЛАР

Шундай диндорлар борки, шариат асосларини билсалар ҳам, ахлоқсиз бошлиқларга ёқиш учун исломий қоидаларни бошлиқларнинг кўнглига қараб тафсир ва таслим этурлар. Кошки, дин шартлари – шариатга риоя қилмаётган бу уламолар шариат асосларини ўрганмаган бўлсалар… Кошки, улар халққа тушунтираётган ҳақиқатларни ўзлари тушунмаган бўлсалар…

Бу уламолар осон мол-дунё топиш, етимларни фақир-камбағал қилиш учун, ўзлари бой бўлиш учун фатво берадилар, китоблар ва рисолалар ёзадилар.

Юз-хотир учун фатво берган дин уламолари пул топиш мақсадида бир ишга чангал урсалар, уларнинг чангалидан ҳеч ким қутулолмайди (агар Аллоҳ қутқармаса). Бу порахўрлар пул учун бир ишни битирмоқчи бўлсалар, “Бу ишни шунча пулга ҳал этилади” десалар, ҳеч бир одам у пулнинг миқдорини камайтиролмайди. Улар фақат айтганларини олурлар. Бундай олимлар – усти ялтироқ, ичи қалтироқ, кўнгли қора, хароб кимсалардир. Чопонларининг енги ичида заҳарли илонлар бор (яъни, порага узанган қўллар бор)!

Ахлоқсиз олимларнинг айтган сўзлари заҳарли ўқ кабидир. Буларнинг фатволари одамлар учун ҳалокатлидир. Буларни босқинчи зобитлар ва аскарларга қиёсласак, фатво ила фитнаси билан, ҳақиқат ва адолатга тажовузкорлиги билан улардан минг карра ёмонроқ, балки уларнинг ака-укаларидир.

 

ҒУРУРГА ТЎЛА «БАЛЧИҚ»

Эй инсон ўғли! Яратилишинг қуруқ (фақат) балчиқдандир. Ичинг эса ғурурга тўла… Қарасам, баъзан ўтмишинг билан фахрланасан, баъзан эса бойлигинг ва мол-мулкинг билан, асиллигинг, насл-насабинг билан, авлод-аждодинг билан фахрланасан. Сен авлод-аждодингнинг улуғлиги билан фахрланма, керилма. Диққатли ва огоҳ бўл!

Дўстим, ўйлаб кўр-чи, эртага нимага минажаксан ва не аҳвол бўлажаксан? Умр қисқалигини ўйласанг-чи!..

Бу дунёга хос, дунёлик учун қурдирган қават-қават нодир, ҳашаматли биноларинг, зумрад мисоли ям-яшил қилган боғу-боғчаларинг билан охиратда ёқангни қутқара олмайсан. Сен ҳалиям ўзингни қутқаролмайдиган дунёга оид бўлган нарсаларнинг заҳматини чекиб юрибсан.

Энди менга тушунтир-чи, ўлим тўшагида ва сўнгги нафасингда абадий ҳаётдаги мақомингни кўриб, кўзларинг юмилиб, буриша бошлаганида, тилинг ҳам тутила бошлаганида, ўлимни дилинг билан фарқлаб, ажратиб, дунёдан қўлингни ва этагингни силтаганингни тушуниб, солиҳ амалларни қилишдаги танбаллигинг, дангасалигинг ва зарур бўлган ишни зарур пайтда қилмаганлигинг ҳам сени даҳшат ва қўрқув ичига ташлаб, ўтмишдаги фойдасиз нарсага пушаймон бўлган вақтингда, ажабо, ўша қурдирган қават-қават биноларинг, бойлигинг сўнгги нафасдаги даҳшатдан сени ҳимоя қила оладими? Гулистонга айлантирган боғу боғчаларинг сендан ўлимнинг даҳшатини йўқота оладиларми?.. Ҳайҳот!..

 

ЁМОН ДАВРАЛАРНИНГ ХАВФИ

Дунё даврдан даврга, инсонлар ҳам таврдан таврга (феълдан феълга) ўтиб, ўзгармоқдадир. Сен, эй одам, ҳар кунги ҳаракатингда машруъ йўлни тут, ҳар хил одамлар билан ўтирганингда фикрларинг ўзгаравермасин. Сир эмаски, яхши одам ҳам гоҳо ёмон давраларга, нопок йўллар билан зеб-зийнатда яшаётган бойлар даврасига кириб қолса, улардай бой бўлишга кўнгли суст кетади, ўзининг иймон бойлиги афзал эканини унутади. Сен бундай давраларга бормасликка ҳаракат қил. Зеро, замоннинг оқиши, одамларнинг замонга боқиши ҳар доим ҳам сен истаганингча бўлмас.

Ҳар бир қадамингда дунё ва дунёдорлар сенда ҳавас уйғотади. Ёмон ниятли одамлар гоҳо сенга ўзларини яхши кўрсатадилар. Ўзингни уларга таслим этмаки, бунинг охири яхшилик билан тугамас.

Замон ҳодисалари остида эзилма. Аксинча, сен номашруъ, нопок ишларни эзиб, янчиб ташла. Тўғри, ҳалол яшашда сабр-матонат кўрсат.

 

ТАҚЛИДИЙ ИЙМОН

Эй инсон ўғли! Эътиқод соҳасида илм ва ишончни қўлга кирит. Илму-л-яқин ҳосил қилишга ҳаракат қил. “Фалончи ундай деган”, деб нақл ва ривоят айтувчиларга эргашма.

Тақлидий иймонда қолмай, ҳақиқий иймонни қўлга кирит. Ётган арслондан тулки эпчилроқдир деб ўйлама. Ҳақиқат аҳли назарида тақлидий иймон эгаси ёмғирда қолган эчкидан ҳам заволлироқдир.

Эътиқод масалаларида тақлидчи – калитини йўқотиб, ўз уйининг эшигини очолмаётган одамга ўхшайди, у бировларнинг айтганларини билади холос, ҳақиқий илмдан эса хабари йўқ. Тақлидчи – ўз ҳовлисида ўтин тўплаб, чақмоқтош (гугурт) тополмай ўтирган одамга ўхшайди.

Инсон юзаки эътиқодни онасининг айтганларидан ўрганган бўлса, бу ҳам тақлиддир. Тақлидий гапларни ўзига раҳбар қилган, илмсиз одамларга жаноби Ҳақ назар солмайди.

 

БАҚИРИБ-ЧАҚИРИБ ҚИЛИНГАН ДУО…

Эй одам боласи! Шундай бир Аллоҳга қуллик қиласанки, у Аллоҳ сенинг ҳамма қилганларингни ҳали қилмишларинг майдонда йўқ пайтидаёқ билган ва сенинг учун нима хайрли эканини сендан яхшироқ тушунган зотдир. Шундай экан, дуо қиляпман деб, туя бўкиришидек ҳайқиришлар, гарангга қичқиргандек бақиришлар нечун?

Агарда сен бидъатга эмас, суннатга майлли бўлсанг, бандасининг сурати ва сийратини, қалбидан кечаётганларни жуда яхши билган, нафснинг васвасали ва яширин амалларидан, ишларидан ҳар онда хабардор бўлган Аллоҳнинг ризосини истасанг, шуни яхши билки, тумтароқ, яъни ташқаридагиларга таъсир қилиш учун қилинган сохта ҳатти-ҳаракат ва дабдабали амал – нафснинг ҳаво ва орзусидандир. Унга бўлган дуо ва ниёзингни, ёлворишингни яшир. Яхшилаб яшир… Очиқчасига бақириб-чақириб қилинган дуолар нафснинг истаги, хоҳишидир. Нафс ва очкўзликнинг ҳар қандай истагини йўқ қил. Уни орзуларидан маҳрум қил. Туянинг ва ёйнинг яхшиси – овозсиз бўлганидир. Мактубнинг ва шарбатнинг яхшиси – оғзи ёпилганидир.

Маҳмуд ЗАМАХШАРИЙнинг

«Атвоқ-уз-заҳаб фи-л-мавоъиз ва-л-хутаб» асаридан

Маҳкам Маҳмуд ва Назарбек Раҳим таржималари.

2018 йил 9 июл сонидан олинди

0