«МАЪРИФАТ САОДАТИ» ГАЗЕТАСИНИНГ 2019 ЙИЛДАГИ 6-СОНИДА:

  1. АДОЛАТ ПОЙДЕВОРИ ҚАНДАЙ ТИКЛАНАДИ? –

«…Мамлакатда адолат ўрнатмоқ, фуқаролар осойишталигини таъминламоқ учун донишмандларни давлат ишларига кўпроқ жалб этиб, мартабаларини оширмоқ, уларнинг бадавлат ва эътиборли бўлишларини, амалдорлар устидан назорат ўрнатишларини таъминламоқ жоиздир.

Мамлакатнинг бутун бойлиги жам этилганда ҳам, қиммат жиҳатидан донишмандлар ва давлат ишига жалб этилган заковат соҳибларига тенглашолмайди.

Ҳукмдорлар ҳақиқатни тик айтадиган, мулоҳазали мулозимларга эга бўлмоғи зарур. ..»

 

  1. ТЕЛЕКАНАЛЛАРДАГИ «МАЖЛИС»ЛАР ВА МАЙНАВОЗЧИЛИКЛАР —

«…Олдинги чиқишларимизда ҳам айтганимиздек, телевидениеда одамларни студияга  тўплаб олиб, “мажлис” қилишлар кейинги вақтда жуда урчиб бормоқда. Дастлаб яхши кўрсатувлар тайёрланаётган “Маҳалла”, ”Оила” телеканалларида  ҳам “мажлис”лар авж олиб кетди. Ўзи шундоқ ҳам мажлислардан безор бўлган одамлар учун бу малол келишини тележурналист ва режиссёрлар билмайдиларми?

Менга яна бир ҳолат малол келади: кейинги пайтларда телеэкранда пазандачиликка эътибор кучайиб кетди. Тўғри, бу ёмон ҳолат эмас, албатта. Лекин, ўзингиз ўйлаб кўринг, хилма-хил тансиқ озиқ-овқат маҳсулотларини кўз-кўз қилиб, йилтироқ газ плиталарида антиқа таомлар тайёрланаётганини кўрган; газ йўқлиги учун ўтин-чўп билан ўчоққа ўт қалаб, аччиқ тутун ютиб, овқат пиширадиган; қозонига бир ҳафта-ўн кунда бир марта гўшт тушадиган, қўли қисқа, заҳматкаш қишлоқ аёллари ўксинишмайдими? Уларнинг (бу кўрсатувларни оғзининг суви оқиб кўрадиган) болакайлари ўз ҳаётидан, бунақа анвойи таомлар тайёрлаб беролмаётган оналаридан норози бўлмайдими?..

Гапнинг очиғи, телеканаллар хилма-хил бўлгани билан, уларда маънавий сабоқлар жуда кам. Бачканачилик авжида. Кўп кўрсатувлардан мазмун-мантиқ тополмайсиз…»

 

  1. 3. ЭРКАК – ОИЛАНИНГ ПОДШОҲИ —

«…Оила қуришни ўз ҳаётининг муҳим бир қисми деб ҳисоблайдиган эркак уни фақат ўзи хоҳлаганидек бўлишини истайди. Бу оилада айнан унинг қонун-қоидаси, тартиби жорий қилинади, ҳар қандай ўзга тартиб-қоидалар тақиқланади, чунки бу унинг шахсий уйи, унинг оиласи. Фарзандлари айнан унинг ҳаётий қадриятларини, табиатини ўзларига сингдириб олишади, йўқса, улар унинг фарзандлари эмас. Оилада айнан унинг айтгани бўлади, акс ҳолда, бундай оила уни қизиқтирмайди.

Тўғри, сиз бундай одамни золим деб аташингиз мумкин, лекин бу унинг шахсий лойиҳаси эканини унутманг. Агар бошқачароқ бўлишини истасангиз – марҳамат, истаганингизни қилаверинг, лекин бу ерда эмас: бу ерда у хўжайин! Бу ерда аёлнинг истакларини ҳисобга олмаслик ёки уни менсимаслик ҳақида гап кетаётгани йўқ: у шунчаки ўз иши, ўз вазифалари билан банд ва агарда аёл бу ишда иштирок этишни истаса, марҳамат, келиб қўшилиши мумкин. Тамом-вассалом.

Ҳа, лекин оила қурилишида икки одам иштирок этади-ку?

Тўғри. Шунинг учун ҳам эркак аёлни ахтаради, уни ўзига ром этади, унинг ҳурмати ва муҳаббатини қозонади, уни севади. Лекин, ҳақиқий эркак ўзи яратаётган “оила” номли дунёсида фақат унинг шартлари асосида яшайдиган аёл билан турмуш қуришни истайди.

Таъкидлаш жоизки, бундай ёндошув ҳаётнинг ҳамма ҳақиқатларига тўғри келади. Чунки, оила қуришдан манфаатдор бўлган сифатли эркакларга қараганда сифатли оила қуришни истайдиган аёллар сони анча кўпчиликни ташкил қилади…»

  1. 4. БИТМАС-ТУГАНМАС МОЖАРО –

«Бизда битта машҳур ва битмас-туганмас можаро бор: қайнона-келин можароси!

Йигит уйланади. Бир ойга яқин бахтли яшайди. Кейин онаси билан хотинининг ўртасида келишмовчиликлар юзага келади ва улар вақт ўтиши билан росмана жанжалларга айланади. Куёв бола онасининг тарафини олса — бу ёқда хотин барибир ширин, хотинининг ёнини олса — онаси “оқ сути”ни ўртага қўйяпти. (Тавба қилдим, сигир ҳам бузоғига оқ сут беради, тағин-чи, қултумлаб эмас, челаклаб беради-ю, лекин негадир ҳеч қачон ўзининг минг-минг литрларини миннат қилмайди. Бу миннатчи қайноналар битта молчалик ҳам бўлмаса-я!)

Хуллас, йигит бечоранинг сўзи на унисига ўтади, на бунисига. Аввалига дардини ичига ютади, кейин асабийлаша бошлайди, томонлардан бирига овозини баландлатиб ҳам кўради, орада бир-икки марта девор томонга пиёла (соат, уяли телефон) учади, лекин вазият ўзгармайди…

…Бир маҳаллар “қайноталар келинига меҳрли бўлади”, деган гаплар бор эди. Ҳозир-чи? Мени кечирасиз-у, бугунги кўп қайноталарнинг остонага ташланган шолчадан фарқи бўлмай қоляпти. Неча йиллик хотинига гапи ўтмайди, уни тартибга чақириб қўйишга “духи” етмайди.

— Ўзинг ҳам бир пайтлар уйингга фалон минг долларлик жиҳозлару, тўртта юк машинасида мол-мулк билан келганмидинг? Йўқми? Шуни эсингга солиб қўяй бўлмаса, пистачининг қизи, муаллимнинг қизини тинч қўй, — деёлмайди…»

  1. АМАЛДОР КИТОБИНИНГ ТАҚДИМОТИ –

«…Очиқ гап, дастлаб бунга ишонмадим. Наҳотки, умрида адабиёт кўчасига кирмаган бу калондимоғ амалдор китоб ёзган-у, унинг тақдимоти ҳақидаги хабар кўпчиликка овоза бўлгани рост бўлса?!

Бир ишониб, бир  ишонмай, тақдимот белгиланган жойга бордим. Тумонат одам йиғилибди: бир томонда адиб ва шоирлар, адабиёт  ихлосмандлари, бошқа томонда ўқитувчиларининг чорловига бўйсуниб келган талаба ёшлар, қўлларида гул тутган қизчалар…

Таниш-билишлар, дўст-оғайнилар билан салом-алик  қилдим. Уларнинг биридан: “Бу амалдор  қандай  китоб ёзибдики, асари бу қадар тантана, асъасага сабаб бўлса?” деб сўрамоқчи бўлиб тургандим, папка кўтариб шу  томон келаётган таниқли адабиётшунос олимлардан бирига кўзим тушиб қолди. У ҳам мени кўриб, қучоқ очиб келди:

— Э, азизим, бормилар?

— Тараддуд жуда бошқача-ку, — дедим у билан сўрашарканман, атрофга имлаб.

— Э, нимасини айтасиз, — синиққина кулиб қўйди у.

Бу одам адолатли танқидчилардан. Ҳар бир асар муаллифининг ички оламини обдон ўрганиб, кейин унинг асари ҳақида адолатли хулоса чиқаради. Шу дамгача ундан танқид калтагини еган муаллифларнинг терс бурилиб кетганини билмайман. Шундай тўғрисўз одамнинг бу ерларда ўралашиб юриши андак юрагимни ғаш қилди.

— Сиз нима қилиб юрибсиз бу ерларда? – дедим ажабланганимни яширмай. – Ахир…

У гапимни тугатишга қўймай, мени судрагудек қилиб бир четга бошлади.

— Мени айбситманг, оғайни, — деди хижолатдан қизариб. – “Борасиз, китоб ҳақида ижобий фикрлар айтасиз!” деб, ҳол-жонимга қўйишмади. Иложсиз келдим…

— Китобни ўқиб чиққандирсиз? Ишқилиб, яхши фикрларга арзийдими?

— Ўзимга қолса, икки пулга арзимайдиган асар деган бўлардим. Нима қилай, жўжабирдай жонман! Фалончи пистончиевлар “Шу асарни мақтаб берасиз”, деб туриб олган…»

 

  1. СТАЛИН ТАН БЕРГАН, СТАЛИНЧА ТУЗУМ КУН БЕРМАГАН АДИБ –

«…1930 йилнинг 18 апрели. Соат тунги уч. Иқтидорли, аммо давр жабрини чекиб, ишсизликдан қийналиб, ғоят қашшоқ ҳолда яшаётган Михаил Булгаковнинг мўъжазгина квартирасида қулоқни қоматга келтириб телефон жиринглади. Ёзувчи бетоб эди. Хонадон соҳибаси Елена Сергеевна Булгакова бемаҳалда қилинган қўнғироқдан юраги увишган кўйи гўшакни кўтарди:

— Эшитаман. Ҳа. Булгаковни ким сўраяпти?

Бунга жавобан гўшакдан хирпи овоз эшитилди:

— Сталин!

Бу исмни эшитган Елена Сергеевнанинг юраги орқасига тортиб, тили калимага келмай қолди. У жавоб қилишни ҳам унутиб, диванда кўрпага бурканиб ётган касал эрини тортқилай бошлади:

— Мишенка, телефонда сени ўртоқ Сталин сўраяпти! Тезроқ бўлақол!.. Сталин сўраяпти деяпман!

Михаил Афанасьевич бу хабардан бир муддат ўзига келолмай турди-да, кейин:

— Сталин? Қўйсанг-чи! Артистлардан бирортаси ҳазиллашаётган бўлса керак, — деди. Лекин бирорта артистнинг кимсан Сталин номи билан ҳазил қилишга ҳадди сиғмаслигини ўйлаб, гўшакни кўтарган эди, радио орқали эшитиб юргани — таниш овоз эшитилди:

— Ўртоқ Булгаков, сизни Сталин безовта қиляпти!

Булгаков тамоман ўзини йўқотиб қўйганидан, «қовун туширди»:

— Қ-қайси Сталин?

Гўшакнинг нарёғидан сал зардали жавоб бўлди:

— Билишимча, Совет иттифоқида битта-ю битта Сталин бор. Балки сизнинг Сталинингиз бир нечтадир?

Бундай пўписамонанд гапдан кейин Булгаков ўзига келди:

— Кечирасиз… Узр, Иосиф Виссарионович, сизни жоним билан эшитаман!

— Мен сиз билан учрашиб, суҳбатлашсам деган эдим?

Бу таклифдан Булгаков яна довдиради:

— Нима учун? Қайси мавзуда суҳбатлашамиз?

— Ноз-неъматлар-у, костюмлар тўғрисида эмас, албатта. Адабиётнинг вазифалари, адабиётчининг виждони ва маънавияти ҳақида суҳбатлашамиз. Эшитишимизга қараганда, сиз хорижда яшашни истаяпсиз шекилли?

— Рус ёзувчиси Ватандан ташқарида яшай олмайди, Иосиф Виссарионович.

-Тўғри айтдингиз. Маъқул… Билишимча, ҳозир ишсиз экансиз. Қаерда ишлашни истайсиз?

— Бадиий театрда, Иосиф Виссарионович.

— Эрталаб директорнинг номига ариза ёзиб, унинг қабулига боринг!

— Мен бориб учрашгандим, рад қилишган.

— Улар хато қилишибди. Балки қилмишларидан пушаймондирлар. Яна бир марта бориб кўринг. Агар яна рад қилишса, менга ёзинг!

— Раҳмат, ўртоқ Сталин!..

Бундай суҳбатдан кейин кўзга уйқу келарканми?! Юраги ёрилиб кетмаганига шукр қилган Булгаков касалини ҳам унутаёзди…»

 

  1. ҲАЙИТ НАМОЗИ –

«…- Девор-певор эмас, бир хонали қилиб мачит соламиз!

— Йўғ-е, бунга қўйишармиди? Яна қувишади.

— Қувишолмайди. Ўша шапка кийганлар ҳам бир кунмас бир кун ўлиб, шу ерга келишини ўйлар…».

 

Шунингдек, газетанинг бу сонида:

«КОРРУПЦИЯ РИВОЖИДАГИ ҲИССА»,

«БЕҲУДА КЕТАДИГАН ИШЧАНЛИК»,

«ЧЕТ ЭЛДАГИ ЎЗБЕКИСТОН»,

«ПСИХ» БЎЛИШ ШАРТ ЭМАС»,

«ТАЛАБАЛАР ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?»,

«ЙЎЛ — ҲАММАМИЗНИКИ»,

«ДУНЁНИНГ ЭНГ ОДДИЙ ҲАҚИҚАТЛАРИ»,

«АҲМОҚЛАРДАН ИБРАТЛАНИНГ»,

«ЮСУФБЕК ҲОЖИ КИМ ЭДИ?»,

«МЕН БИЛГАН УРУШ» сингари сингари қизиқарли, таҳлилий, танқидий, дангал муносабатлар ва дадил мулоҳазаларга бой мақолаларни ҳам ўқийсиз.

Газетани барча матбуот дўконларидан сўранг.

«Маърифат саодати» — эскирмайдиган газета!

1+