«МАЪРИФАТ САОДАТИ» ГАЗЕТАСИНИНГ 2019 ЙИЛДАГИ 5-СОНИДА:

  1. БУГУН БАЪЗИ ОТА-ОНАЛАР ТАРБИЯГА МУҲТОЖДИР –

«…Биз – тарбиянинг асосий шарти одоб эканини унутиб, хато қиляпмиз. Кўпчилигимиз боламиз ўқимишли бўлсин, ейиш-ичишда, кийинишда бошқалардан кам бўлмасин деб уринамиз, лекин унинг маънавий-ахлоқий тарбияси билан, одоби билан деярли шуғулланмаяпмиз. Фаолиятим давомида кўриб, амин бўляпманки, жуда кўп ота-оналарнинг ўзлари тарбияга муҳтож, аввало уларнинг ўзини тарбиялаш керак.

Сиртдан қарасангиз туппа-тузук одамлар, лекин қўлидан телефон тушмайди. Телефонига боласидан кўра кўпроқ эътибор беради. Айниқса, оналар боласидан кўра ижтимоий тармоқлардаги виртуал дугоналари билан кўпроқ гаплашади, фарзандидан кўра кўпроқ интернет ресурслари билан машғул бўлади…»

 

  1. БИЗ КУЧЛИ БЎЛИШНИ ИСТАМАГАНДИК –

«…Бизга энди бир вақтнинг ўзида ҳам она, ҳам хотин, ҳам келин, ҳам раҳбар, ҳам тадбиркор бўлиш ва шуларнинг баробарида рўзғор юкини ҳам тортиш оғирлик қилиб қолди. «Ҳаммасидан ҳам карьера муҳимроқ ва яхшироқ» деган хулосага келдик, чунки айнан карьера орқали ҳурмат-эътибор топаётган, «Сенларни мен боқяпман, сенлар еб ётишни биласанлар», деган таъналарингиздан қутулаётган эдик.

Шу қадар ўзгариб кетдик биз.

Кечагина ожиза эдик, итоатгўй, содда ва бўйсунувчан эдик.

Мўъжазгина ҳовлиларимиз-у, кўпқаватли уйдаги кичкина хонали ошёнларимиз – биз учун чинакам ҳузурхона, саройлардан аъло кошона эди. Бугун эса «ҳузуримиз» — гўзаллик салонларида, зиёфатларда, «гап»ларда…

Бугун биз жуда кучлимиз. Шу қадар кучлимизки, ортиқ эркакларга бўйсунишни истамаймиз.

Энди айтинг-чи, бизларни ким шу кўйга солди?..»

 

  1. ҚАРСАК НИМА ЎЗИ? –

«…Мен бугунги чапаклар, қарсаклар – мутелик белгиси, деб айтаман. Ўзига мустақил шахс, фикр-мулоҳазали, ақл-ҳуши жойида одам чапак чалмайди, қарс урмайди. Бировга қарам бўлган, ўша “хўжайин”га ёқиш илинжидаги одам, эътибор қозониш, “положительний” кимса эканини кўрсатиш илинжида унинг анчайин бир гапига ҳам қарсак чалиб, унга фикрдош эканини билдиришга уринади. Қарсакбозлик шунга хизмат қилади.

Қарсак нима экан, чал деса чалаверамиз, қарсак чалиш тугул, сувга туш деса, марҳамат, яп-янги туфли билан тушамиз-қўямиз. “Э, олсанг ишингни оларсан, ўлдирсанг ҳам тушмайман!” дейдиган биронта мард йўқ, бири биридан қорувли олтита азамат ким ўзарга сувга тушиб турибди-да! Нега бунақа бўлди, деб сўрасангиз, ариқ ёнида эдик, туртиниб, тушиб кетдик, деб қўйишади бу паловхўр полвонлар.

Пора олган кишигина эмас, пора берган ҳам айбдор бўлар эди-ку. Аҳмоқона, золимона буйруқни берган кимса билан бирга, ўша аҳмоқликка, ўша зулмга чидаб сув ичида, “айб”ини бўйнига олиб, қўлида ёндафтар тутиб турганлар мутлақо бегуноҳми? Булар, агар ҳоким маъруза қилиб қолса, ўша ариқ ичида, тиззадан сувда туриб, ёзиб олишга ҳам шай. Тантаналироқ оҳангда айтилса, ёндафтарни қўлтиққа қисиб, чапак ҳам чалиб юборсалар ҳам ажабмас.

Аммо бу қарсак… самимий бўладими? Астойдил бўладими? Йўқ, албатта. Ёлғон, хўжакўрсинга чалинадиган қарсаклар, ундан ҳам ёмонроғи – илтимос, сиздан нима кетди, дея тилаб олинадиган, ялиниб ундириладиган қарсаклар кўпайиброқ кетиб, чин олқиш ифодаси бўлган қарсак камайиб кетмаяптими, сизнингча? Ёлғон дабдаба учун чалинадиган қарсак ҳам ёлғон чапак бўлади, бўлмағур ашулага эса, ёнимизда ўтирган шеригимизнинг қулоғига гап айта туриб, йўлига қарсак чалиб қўямиз, гапнинг пўскалласи-да. Шунинг учун бўлмағур ва бехосият қарса-қурс қанча камайса, шунча яхши…»

 

  1. ОИЛА ҚУРИШ ҚУВОНЧЛИ ВОҚЕА ЭМАС, ЖИДДИЙ ВОҚЕА! —

«…«Яхши нарса – ётағон, ёмон нарса — чопағон» деганларидек, «информатика даври» деб номланган пайтлардан бошлаб Ғарбнинг энг ажойиб анъаналари четда қолиб, энг ярамаслари бизга чопқиллаб етиб кела бошлади. Кўпи билан қандайдир 40-50 йил давомида «севишганлар оилалари» бизнинг ҳаётимизга ҳам кириб келди.

Эллик йиллик тинимсиз ҳаракатлари натижасида коммунистлар бу борада катта ғалабаларга эришишди, яъни XX асрнинг 70-йилларида Ўзбекистон ҳудудида келинларнинг европача либос – «фата» кийиши анъанага айланди. Бир қарашда бу жуда гўзал ва келинларга ярашадиган либосдек кўринади, лекин…

Лекин ҳар қандай кийимнинг ташқи кўриниши у қандай мақсадда кийилганлигини англатади. Масалан, ошпазнинг ўт ўчирувчи кийимини кийиб овқат пишириши, саҳнага масхарабоз кийимида чиққан кишининг жиддий маъруза қилиши маълум муаммоларни туғдиради.                         

Худди шу каби, елкаси очиқ, енги йўқ фата кийиб, сочларини европача турмаклаган келинчакка бошини эгиб, тортинчоқ ва қўзичоқдек беозор бўлиб ўтириш ҳеч ярашмайди. Фата кийдими, тамом, у ўзини эркин ва мағрур тутиши керак. Ҳамма унга маҳлиё бўлиб қолиши, жумладан, бегона эркаклар ҳам ундан кўзини узолмай қолиши керак. Лекин келинчак қизларимиз шунча йиллар давомида тўйда (фата кийишни ўрганишди-ю), ўзларини қироличалардек эркин тутишни ҳозирча ўргана олмаяптилар, улар айрим ҳолларда ҳатто куёвдан ҳам уялиб ўтиришади. Аммо ҳечқиси йўқ, бундай аҳволни «тузатиш» учун тўйларимизда ўзига хос чоралар ўйлаб топиляпти. Масалан, куёв бола тўйда ўртага чиқиб, келин билан европача «вальс» рақсига тушиш учун уни махсус ўқув курсларига олиб бориб, «чиройли» ҳаракатларни бажаришни ўргатади. Демак, бу ерда келинчак келгусида бошқа эркаклар билан ҳам «вальс тушганида» уялиб қолмаслиги назарда тутилса керак. Чунки, XIV асрда Англия ва Франция ўртасида «Юз йиллик уруш» деб ном олган қирғинбаротдан кейин (фақат бир хотинга уйланиши мумкин бўлган) қироллар ўзларига янги жазманлар орттириш ниятида (нотаниш эркак ва аёлнинг бир-бири билан тезда «тил топишиб» кетишига ёрдамлашадиган) шундай рақсларни ўйлаб топишган.

Гапни қисқа қилиб айтадиган бўлсам, «беозор ва чиройли фата»нинг бундай аломат ва хусусиятларининг барчасини айтиб ўтиришга зарурат йўқ, чунки ёшларимизнинг «азаматлари», келгусида уларни албатта излаб топишларига шубҳаланмайман.

Хуллас, деярли ҳар куни ўнта турмушга чиққан қиздан камида учтасининг шўрини қуритишга хизмат қиладиган ишлар тобора авж олиб бормоқда…»

 

  1. УМРБОД КЕЧИРИБ ЯШАНГ! –

«…Тадқиқотлардан маълум бўлишича, жаҳл ва адоват қондаги яллиғланиш билан боғлиқ оқсилларни ишлаб чиқишни ҳам бошлаб юбориши мумкин. Яллиғлантирувчи оқсиллар артерия қон томирларининг қаттиқлашишини, юрак оғриғини ва мияга қон қуйилишини келтириб чиқаради. Шимолий Каролина штатидаги Дюк Университети Тиббий марказида фаолият кўрсатувчи профессор Эдуард Суарезнинг фикрига кўра, жаҳлдор ва руҳан сиқилган эркакларда «Интерлейкин 6» номли оқсил анча юқори бўлади. Бу оқсиллар артерия қон томирлари деворининг ички томонида ёғли қатламнинг пайдо бўлиши – атеросклерозга сабаб бўлади. Қисқа қилиб айтганда, сержаҳллик ва кечиролмаслик юрак хуружига олиб борувчи энг қисқа йўл бўлиб, ўта кекчи одамларда юрак хуружига учраш хавфи бошқаларга қараганда беш баробар юқори бўлади (ҳатто уларнинг аждодларида юрак хасталиклари умуман учрамаган бўлса ҳам)…»

 

  1. «ЗАМОНДАН ОРТДА ҚОЛГАН» МУАЛЛИМА –

«…У сал нарироқда савдо қилаётган бозорчи аёллар ичида ўзининг собиқ ўқувчиси ҳам борлигини кўрган, помидор сотаётган қош-кўзлари попукдек аёлни дарров таниганди. Яхши кўрган шогирдини қандай танимаслик мумкин! Лекин сир бой бермади. У ҳам Опани кўрди, аммо олдига келолмади. Хижолат қилди. Математикадан жуда қобилиятли қиз эди, аспирантурада ўқиётган эди. Бечора бозорга чиқиб кетибди-да. Тирикчилик ташвишларига у ҳам енгилибди. Афсус, яхшигина иқтидори бор эди.

— Ҳақиқий олимлар камёб бўлган бир даврда, яна бир олимани бой берибмиз, — изтироб билан кўнглидан ўтказди Опа. – Олимлар бой бўладиган даврлар ҳам келармикан?..

Дунёнинг катта  бозорга айланиб, инсонга ишонч қаҳат бўлганига, ғурур — жўн бир қадрсиз молга айланганига, зиёли-ю олимларнинг қадри пасайиб кетганига Опанинг кўниккиси келмайди. Бу замонда дўхтир ва ўқитувчининг пора олмаслигига ҳали ҳам ишонади…»

 

  1. ЗИЁЛИНИ ТИРИГИДА ҚАДРЛАНГ –

«…Туман ва вилоятдаги маънавий-маърифий ишлар билан шуғулланувчи мутасаддиларнинг эътиборига илинмайдиган, меҳнатлари ҳеч қаерда эътироф қилинмаган бу мўмин отахонга бир қадар юрагим ачишганди ўшанда.

Ўшандан буён орадан 37 йил ўтибди. Собиржон ота Жўраевнинг вафот этиб кетганига ҳам анча бўлди. Шу кунларда ўша нодир кутубхонанинг тақдири билан қизиқиб, суриштирсам, «ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир»ларнинг кўрсатмаси билан Собиржон отанинг китоблари турли кутубхоналарга тақсимлаб берилибди. Отанинг муборак ишлари вафотидан кейин ҳам қадрланмабди. Йўқса, ўша китобларни бир кутубхонага жамлаб, у даргоҳга отанинг номини бериб, фидойилигини ёшларимизга ўрнак қилинса бўларди, аттанг… »

 

  1. ЁЗҒУВЧИ –

«…Бу одам бир пайтлар мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган, юмалоқ хат ёзаверганидан кейин ишидан бадарға қилинган экан. Шу кунларда унинг «қалами» яна ишга тушган. Порталлар очилгач, бу одамга иши тушадиганлар кўпайиб, айтгани айтган, дегани деган бўп қолди. Биласиз, юқори ташкилотлар порталига тушган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди. Бу нусха айнан шундан унумли фойдаланади: ҳақми-ноҳақми, тўғри айтяптими ё алдаяптими деб ўтирмай, кимнинг шикояти бўлса, ёнига ўзидан қўшиб-чатиб, ёзаверади, ёзаверади… Сўз танлашга шундай устомонки, ҳатто ўзига тўқ одамларни ҳам (аризаларида) ёрдамга муҳтож, бечора деб тасвирлайди. Ўқиган одам (ҳақиқий аҳволдан бехабар бўлса), унинг ёзганларига чиппа-чин ишонади-қўяди.

Бунинг устига, бир вақтлар ўзини фош қилган одамларнинг фаолиятидан қусур топаман деб, тирноқ ичидан кир қидиради. Шунинг аризалари ортидан қанча оворагарчиликлар бўляпти, қанча одамнинг (ўзини оқлагунча) бўлари бўляпти. Бир нарса десангиз, «Оддий халқ вакилини камситишяпти» деб муттаҳамчилик қилади, устингиздан ёзади. Туҳмат қилиб юборишиям ҳеч гапмас…»

 

  1. ЖИЛОВЛАНГАН МАТБУОТ –

«…Бундай мақола ёзиш — ўз даврида катта жасорат эди. Аммо бу жасорат мақола муаллифига қимматга тушди – қамоққа олинди. Шу билан бирга, матбуотнинг жиловланишига ҳам сабабчи бўлди…»

 

  1. МАДҲНИНГ ОФАТЛАРИ –

«…Тилдан келадиган офатлар кўп ва турли-туман бўлиб, одам табиатида уларга мойиллик бор. Ана шу офатларнинг бири — маддоҳликдир.

Мадҳнинг ўзида олтита офат бор. Уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида ва иккитаси мадҳ қилинувчидадир…»

 

  1. УРЧИБ БОРАЁТГАН СУРБЕТЛИК –

«…Яқин ўтган вақтларда ҳам агар маҳаллада «Фалончининг қизи юриб қўйганмиш» ёки «Пистончининг синглиси юрармиш-а?» деган гап тарқаб қолса, иснодга чидай олмаган ота-она уйини сотиб кетишга, ҳатто бошқа шаҳарларга кўчишга мажбур бўларди.

Яқинда телевизорда кўриб қолдим: сочини опала қилиб ёйиб олган, «калла жуни»нинг битта тутами бир кўзини ёпиб турган талаба қиз ўзбек қизларининг ибоси, ҳаёси, хуш одоби, намунали хулқи ҳақида тўлиб-тошиб гапиряпти. Унинг ёнида эса икки тутам сочини икки кўзига шайтоннинг шохи шаклидатушириб олган, тор шими йиртилай деб турган, кийган кофтаси «одам анатомияси» фанидаги сурат вазифасини бажараётган дугонаси эса унинг сўзларини маъқуллаб турибди.Ахир ўзбек қизининг ибоси сочининг саришталигида, кийимининг ахлоқ меъёрига мослигида эмасмиди?

Илгари ўзбекнинг қиз-жувонлари ўрим сочларини рўмол билан танғиб, узун кўйлаклар кийиб юришарди. Мабодо шамол турибми ёхуд бирор бошқа сабаб биланми кўйлагининг этаги кўтарилиб, лозими салгина кўриниб қолса, уятдан ўзларини қўйишга жой топа олмай қолар эдилар. Ҳозир эса марҳамат –қизларимиз, келинларимиз, хотинларимиз кўйлаксиз, калта ва юпқа кофта кийиб, биргина лозимнинг ўзида юришибди – ҳозир шунақаси «мода» эмиш! Шу қиз-аёлларнинг ҳам эри, отаси, акаси, укаси бор шекилли?

У эркакларнинг орияти, ҳамияти, рашки қаерга кетди?

Баъзан эшитиб қоламиз:

— Фалончининг қизи жуда бетгачопар, беандиша қиз бўлибди-а?

— Нимасини айтасиз! Ота-онаси тарбия бермаган-да!

Кечириб қўясиз. Ота-онаси тарбия бермаган эмас, фарзандини айнан шундай тарбиялаган!..»

 

  1. ЁМОН ГАПНИНГ ГАДОСИ –

«Француз ёзувчиси Антуан де-Сент-Экзюперининг «Бу дунёдаги бирдан-бир ҳақиқий неъмат — одамларнинг бир-бири билан чиройли мулоқотидир», деган ибратли гапи бор. Афсуски, бу неъмат ҳам бугун бир қадар қадрсиз. Бугунги айрим димоғдор раҳбарлар билан иш юзасидан гаплашмоқчи бўлсангиз, бу қадрсизликни очиқ-ойдин англайсиз.

Республикамиздаги уч-тўртта нуфузли бошқармалардаги масъул шахсларга журналистик текширув иши юзасидан қўнғироқ қилишимга тўғри келганди. Ниятим — газетанинг навбатдаги сонида босиладиган танқидий-таҳлилий мақолада кўтарилажак муаммоларнинг ечими борасида масъул идора раҳбарларининг фикрини билиш. Қўнғироқ асносида улар билан алоҳида суҳбат уюштириш масаласини келишиб олмоқчи эдим. Ўша масъул раҳбарлардан бирининг телефонда суҳбатлашиш учун вақт ажратишини бир неча кун кутишимга тўғри келди. Ва ниҳоят, гўшакнинг нарёғидан у жанобнинг «да» деган совуққина товуши эшитилди…»

 

  1. ФАРЗАНДИНГИЗНИ ЯХШИ КЎРАСИЗМИ? –

«…У кўзини очганида касалхонада ётар, бошида онаси йиғлаб ўтирарди. Қизчанинг кўзини очганини кўрган она уни қучоқлаб, баттар додлаб юборди:

— Вой болам, мени қўрқитиб юбординг-ку! Тузукмисан, жон болам?

Боши ҳалиям оғриётганига қарамай, қизча жилмайди. Онасининг меҳрибонлиги унга шунақаям ёқиб кетгандики…

У жажжи қўллари билан онасининг юзларини силаркан:

— Ишларингиз тугаганда, мени яхши кўрасиз-а, ойижон? – деди…»

 

  1. АЛДАШ «САНЪАТИ» —

«…Кейинги пайтларда юқори лавозимдагиларнинг қуйидагиларни танқид қилиши-ю, қуйидагиларнинг юқоридагиларни мақташи, мақтаганда ҳам улуғлаб ташлаши, нима иш қилсалар ҳаммасини кўр-кўрона олқишлайвериши кўпайиб кетди. Энг ачинарли томони, мақталаётган, улуғланаётган раҳбарлар эртага ишдан олинсалар ёки вафот этгудек бўлсалар, энг биринчилардан бўлиб ана шу мақтовчилар танқидга зўр беришини, «айбларни ошкор айтадиган демократ»га айланиб олишини жуда яхши биладилар. Аммо… билсалар ҳам, негадир мақтовлар бераётган ҳузурларини бузгилари келмайди. Файласуфлар хушомадни, ортиқча мақтовни «тентакларнинг озиғи» деб аташган, лекин бу «озиқ» шу қадар лаззатли бўлса керакки, ҳатто эс-ҳуши жойида, оқил одамларни ҳам ўзига оҳанрабодек тортади.

Нега мақтовлардан устун бўлолмаймиз? Шу қадар ожизмизми?..»

 

Шунингдек, газетанинг бу сонида:

«ЭРКАКЛАРГА ЭРКАКЧА ЎГИТЛАР»,

«МАҚТОВ ҚАШҚИРЛАРИ»,

«ЎҚИТУВЧИ ҲАҚИДА ЎҚИГАНЛАРИМ»,

«УЛАР ШУНДАЙ ИШЛАШАР ЭДИ»,

«КИТОБ ҚАТАҒОНИ»,

«КИТЛАР НЕГА ЎЗИНИ ЎЛДИРАДИ?»,

«СЎЗЛОВЧИ ЧАЛҒИТИШИ МУМКИН»,

«ОРЗУ ҲАВАСЛИ» ҚУДАНИНГ ҚУРБОНИ»,

«КОМПЬЮТЕР ВА САЛОМАТЛИК» ва «Қизиқарли пазандалик» рукнида «ЖАҲОН ПАЗАНДАЛИГИНИНГ АКАДЕМИГИ», «КОЛУМБ КАШФ ЭТГАН ТАОМ», «ПИФАГОР ТАМАДДИСИ» сингари сингари қизиқарли, таҳлилий, танқидий, дангал муносабатлар ва дадил мулоҳазаларга бой мақолаларни ҳам ўқийсиз.

Газетани барча матбуот дўконларидан сўранг.

«Маърифат саодати» — эскирмайдиган газета!

1+