«МАЪРИФАТ САОДАТИ» ГАЗЕТАСИНИНГ 2019 ЙИЛДАГИ 2-СОНИДА:

1. «…Маърифатли сиёсатчи ўз халқини алдаш йўлидан бормайди. У алданган халқ қалбида фақат қаҳру ғазаб тўпланишини, ишончи топталган халқда олдга ҳаракат қилиш завқи сўниб боришини, унинг ижодкорлик қуввати сусайишини билади.

Маърифатдан йироқ амалдор ҳеч қачон халқ дилидаги дардни тушунмайди. Қолаверса, у буни заррачалик тушунишни истамайди. Маърифатсиз раҳбар ҳамиша ўз теварагида маърифатсиз раҳбарчаларни йиғиш билан шуғулланади. У куч ишлатишга, зўрликка, дўқ-пўписага, ҳур фикрдаги кишиларни қатағон қилишга мойил бўлади…» —

батафсил «МАЪРИФАТ – ШИЖОАТДИР!» мақоласида ўқийсиз.

 

2. «Таълим-тарбияда ҳамма нарса – ўқитувчининг ким эканлигига, унинг тафаккури ва дунёқарашига боғлиқ. Ўқитувчи – бола ҳаётининг муҳандисидир. Муҳандис хато қилса, боланинг бутун ҳаёти барбод бўлди деяверинг…» —

батафсил «ЎҚИТУВЧИ БЕОБРЎ БЎЛСА…» номли мақолада ўқинг.

 

3. «ДУНЁГА ЭШИК ЁПАМИЗМИ»:

«…Интернетдаги ҳалокат, жаҳолат нечоғлик кўп бўлмасин, шунинг баробарида у битмас-туганмас маърифат манбаи эканини ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.
Бугун юртимизда АЭСдек мураккаб технологияли иншоотлар қуришни мўлжаллаяпмиз. Оламшумул космик дастурлар ташвишидамиз. Энг нозик ва ноёб тиббий амалиётларни ўзимизда ташкил қилиш ҳаракатидамиз… «Чанг киради, пашша киради» деб, «дунё эшиги»ни болаларимизга ёпиб қўйсак, бундай улуғвор ниятларимизга қайси авлод билан эришамиз?!
Аслида бу «эшик»ни беркитишнинг ўзи жаҳолат эмасми?!»…

 

4. «АВЖ ОЛАЁТГАН НОДОНЛИК»:

«…Агар қизиқчи ўз қалтис ҳазиллари, беҳаё қилиқлари билан жамиятдаги ахлоқ нормаларига зарар бераётган бўлса, у санъаткор эмас, жиноятчидир…»

 

5. «…Илгари ўғил болалар кўпкарида отни елдек учирадиган чавандозларга, кураги ерга тегмаган полвонларга ҳавас қилишарди. Яқин ўтган даврлардаги болаларнинг ҳам севимли қаҳрамонлари (ҳарқалай) эркаклик сифатига эга эди: эпчил, ҳушёр ва жасур Брюс Лига ёки қўл жангини моҳирона намойиш қиладиган киноқаҳрамонларга ҳавас қилмайдиган ўғил бола йўқ эди ҳисоб. Аммо бугуннинг болалари телеэкранлар орқали муттасил қандай эркакларни кўришга маҳкум этилганини, кимларни ўзининг қаҳрамони деб билишини, кимларга ҳавас қилишини ва кимларга ўхшаб бораётганини биласизми?

Улар бугун учар «Бэтмен»ларга, махлуқсифат «Халк»ларга, гурзисини паррак қилиб учадиган «Тор»ларга, супермену ўргимчак одамларга ҳавас қилади.

…Бугунги миллий сериалларимиз қаҳрамонлари ҳам «она ўғил»лар! У сериалларда, киноларда оиладаги ҳамма масалани она ҳал қилади. Оналар, қайноналар битта шаллақилик билан оила бошлиғининг овозини ўчириб қўяди. Ота, қайнота – ҳеч кимга гапи ўтмайдиган, бачкана, минғир-минғир қилиб, хотинига тобе бўлиб юрадиган, майда бир одам! Онасининг пинжига кириб сериал кўрадиган болалар ана ўшаларни кўриб улғайяпти!

Бугунги ёш йигитлар — ўзининг ҳар хил соч турмакларини, кийим-кечакларини реклама қиладиган, реклама роликларида аёллардек тақинчоқ тақиб чиқадиган, бесоқолбозлар билан қучоқлашиб суратга тушадиган Девид Бэкхемларни ўзига эталон деб биляпти…» —

батафсил «АСЛИНГИЗГА ҚАЙТИНГ ЭРКАКЛАР! ЁХУД «ЎРГИМЧАК ОДАМ» ТЎРИДАГИ КЕЛАЖАК» мақоласида ўқийсиз.

 

6. «ПОРА ЭМАС, ҲАДЯ ДЕНГ!» —

«- Ие, пора берарканман-да, — дедим унинг гапидан ҳангу манг бўлиб. — «Чиқимдан қочмайман» деганимда нақ оғзимга урмоқчи бўлувдингиз. Энди бўлса…

— Бу пора эмас-ҳадя-ку! Кўнгилдан чиқариб тортиқ қилинган ҳадя! Фарқини тушунмаяпсизми?..»

 

7. «Шўринг қурғурлар, «Ошхона», «Тамаддихона» деб номлаб олган жойларингиздаги овқатларнинг тайёрланишига, уларнинг сифатига бир қаранг! Сўйилган ҳайвоннинг еб бўлмайдиган жойларини саримсоқ билан мижғиб қовуриб, «Бу — бифштекс» дейишади; жингаги чиқиб қовурилган ноннинг куйгани – бисквит эмиш; яласқи хўрдани – француз шўрваси деб сотишади… Начора! Порахўрни – ҳожатбарор, ёлғончини – нияти холис киши, риёкор билан мунофиқни – ахлоқли инсон, илоннинг ёғини ялаган алдоқчини – фидойи одам дейишгандан кейин, буёғи нима бўларди!..» —

«ЖУРНАЛИСТНИНГ АНТИҚА ТАНҚИД УСУЛИ» мақоласини албатта ўқинг!

 

8. Мақбарасининг тикланиши Ҳиндистондай мамлакат осойишталигининг шартига айланган; ўз вақтида Маҳатма Гҳандидай арбобнинг ўз фаолиятининг давом этишини унинг ҳурмати жойига қўйилишининг шарти қилиб қўйган Хожа Қутбиддин Бахтиёр Кокий исмли миллатдошимиз ва у зотнинг Ҳиндистон, унинг турфа эли олдидаги катта хизматлари ҳақида эшитганмисиз? Ундай бўлса, газетанинг 17-18-19-саҳифаларида берилган «МАҲАТМА ГҲАНДИ АРДОҚЛАГАН УЛАМО» номли мақолани албатта ўқиб чиқинг!

Шунингдек, газетанинг бу сонида «ОНГИМИЗГА ЧАНГ СОЛУВЧИ ЗЎРАВОН», «НОИНСОФНИ ЖАЗОЛАШ КЕРАК», «БИЗ ҚАЕРДАМИЗ?», «САҲРОЛАРНИ БЎСТОН ҚИЛГАН МУТАФАККИР», «ЙИРТҚИЧМЕҲР» ФИРМАСИ», «ТИЛИНГНИ АСРАҒИЛ…», «ДИЁНАТЛИ ЗИЁЛИЛАР ҚАЕРДА?», «ДЎЗАХГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ» номли қимматли маълумотлар, уйғоқ фикрлар, дангал муносабатлар ва дадил мулоҳазаларга бой мақолаларни ҳам ўқийсиз.

«Маърифат саодати» — эскирмайдиган газета!

2+