АМАЛДОР КИТОБИНИНГ ТАҚДИМОТИ (Фельетон ўрнида)

Очиқ гап, дастлаб бунга ишонмадим. Наҳотки, умрида адабиёт кўчасига кирмаган бу калондимоғ амалдор китоб ёзган-у, унинг тақдимоти ҳақидаги хабар кўпчиликка овоза бўлгани рост бўлса?!

Бир ишониб, бир  ишонмай, тақдимот белгиланган жойга бордим. Тумонат одам йиғилибди: бир томонда адиб ва шоирлар, адабиёт  ихлосмандлари, бошқа томонда ўқитувчиларининг чорловига бўйсуниб келган талаба ёшлар, қўлларида гул тутган қизчалар…

Таниш-билишлар, дўст-оғайнилар билан салом-алик  қилдим. Уларнинг биридан: “Бу амалдор  қандай  китоб ёзибдики, асари бу қадар тантана, асъасага сабаб бўлса?” деб сўрамоқчи бўлиб тургандим, папка кўтариб шу  томон келаётган таниқли адабиётшунос олимлардан бирига кўзим тушиб қолди. У ҳам мени кўриб, қучоқ очиб келди:

— Э, азизим, бормилар?

— Тараддуд жуда бошқача-ку, — дедим у билан сўрашарканман, атрофга имлаб.

— Э, нимасини айтасиз, — синиққина кулиб қўйди у.

Бу одам адолатли танқидчилардан. Ҳар бир асар муаллифининг ички оламини обдон ўрганиб, кейин унинг асари ҳақида адолатли хулоса чиқаради. Шу дамгача ундан танқид калтагини еган муаллифларнинг терс бурилиб кетганини билмайман. Шундай тўғрисўз одамнинг бу ерларда ўралашиб юриши андак юрагимни ғаш қилди.

— Сиз нима қилиб юрибсиз бу ерларда? – дедим ажабланганимни яширмай. – Ахир…

У гапимни тугатишга қўймай, мени судрагудек қилиб бир четга бошлади.

— Мени айбситманг, оғайни, — деди хижолатдан қизариб. – “Борасиз, китоб ҳақида ижобий фикрлар айтасиз!” деб, ҳол-жонимга қўйишмади. Иложсиз келдим…

— Китобни ўқиб чиққандирсиз? Ишқилиб, яхши фикрларга арзийдими?

— Ўзимга қолса, икки пулга арзимайдиган асар деган бўлардим. Нима қилай, жўжабирдай жонман! Фалончи пистончиевлар “Шу асарни мақтаб берасиз”, деб туриб олган…

— Қанақа мавзуда ўзи бу асар?

— Қўйинг, ҳозир ҳеч нима сўраманг…

“Ўтда ёнмас, сувда чўкмас”, қатъий фикрли оғайнимнинг бу аҳволга тушиб қолганидан изтироб чекдим. Ахир у ҳеч қачон бунақа “ўйин”ларда иштирок этмасди, тоза одам эди…

Саҳна томонда гулдурос қарсаклар янграгач, ҳамма қатори ўша томонга йўналдик. Саҳнадагилардан бири секин қўл силкитиб, танқидчи оғайнимизни ўзи томон имлади.

Тадбир бошланиб, “муаллифнинг яқин кишиси”га сўз берилди. Барзанги бир одам минбарга чиқиб, узоқ ва давомли нутқ сўзлашга тараддудланаётган кишидай бир нафас зални синчиклаб кўздан кечиргач, муштига йўталиб олиб, сўз бошлади:

— Гапнинг очиғи, мен адабиёт кишиси эмасман, ҳисоб-китоб одамиман. Ҳурматли акахонимизнинг ёнларида узоқ йиллар юриб, у кишидан жуда кўп нарса ўрганганман. Сизларни ишонтириб айтаманки, акахонимиз серқирра инсон. Мен бу инсоннинг тиниб-тинчимаслигига, бошларида раҳбарликнинг аллақанча ташвишлари турса ҳам, вақт топиб, адабиётга эътибор қилганларига, асар ёзишга қўл урганларига қойил қолдим. Китобни ўқиб чиқиб, ҳўнг-ҳўнг йиғладим… Асар ҳақида адабиётшунослар гапиришса, ярашади. Мен улардан орттириб бир нарса деёлмайман. Эътиборларингиз учун ташаккур!..

Ўқитувчилар бир имо қилишган эди, талабалар гулдурос қарсак чала кетишди. Кейинги сўз навбати бояги танқидчи оғайнимизга берилди. У атрофдагиларга қарамай, бошини эгган кўйи минбарга чиқиб келди. Мен унинг кимларнингдир қўлида қўғирчоқ бўлиб қолганидан, чақмоқдай одамнинг бу қадар “ҳалимлашиб” кетганидан афсусда эдим.

У китобнинг таъсирчан ёзилгани-ю, ижод аҳли учун ўрнак бўларли даражада чуқур маънога эга экани ҳақида гапирди. “Роса обқочди-ю”, деди ортимда ўтирган кимдир. Танқидчи оғайним сўзини якунлаб, қизариб-бўзариб ўрнига ўтирди. Яна бир-икки ёзувчи, адабиётшунослар сўзга чиқиб, асарни кўкларга кўтариб мақташди. Тадбир якунида ҳамма йиғилганлар шу атрофдаги ресторанга – тўкин дастурхонга таклиф қилинди. Мен тадбир давомида афсус билан бош чайқаб ўтирган бир-иккита кекса ёзувчиларга қўшилиб, ташқарига йўналдим.

— Жон акалар, кетиб қолиш йўқ, ахир сизларга зиёфат мунтазир турибди-ку! – деди эшик олдида турганлардан бири тавозе билан қўлини кўксига қўйиб.

— Раҳмат, ўғлим, мазза қилиб ўтирдик, — деди кекса ижодкорлардан бири кесатиб.

Ташқарига чиқарканман, кўксимни тўлдириб нафас олдим.

Кейинроқ эшитсам, тақдимотдан сўнг катта базм бўлибди. “Еган оғиз уялар” деганларидек, дастурхон устида ҳам китоб ва унинг муаллифи шаънига мақтовлар ёғилибди. Кўп нусхада чоп этилган китоб шу куннинг ўзидаёқ аллақанча ташкилот ва муассасаларга «келишилган нархда» тарқатилибди.

— Отингни сот, молингни сот, амалдор бўлгин эканда-а! – деди буни эшитган ёзувчи оғайниларимдан бири. Индамадим. Кўз ўнгимдан қизариб-бўзариб, чорасизликдан шумтираб ўтирган олим оғайним кетмасди…

 

Сотволди РАЖАБОВ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 28 март №6 сонидан олинди

1+